Таълим жараёнини ташкил этиш бўлими

Таълим жараёнини ташкил этиш бўлими

Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказининг Таълим жараёнини ташкил этиш бўлими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 июндаги “Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 453-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Бўлим Марказнинг таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, таълим жараёнини ташкил этиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради.

Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича қисқа муддатли профессионал ўқитиш курсларида, олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларида ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берувчи педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларида ўқитишнинг инноватсион методларидан фойдаланган ҳолда таълим жараёнини юқори даражада ташкил қилиш ва Марказда ташкил этиладиган курслар фаолиятини ташкилий жиҳатдан мувофиқлаштириш бўлимнинг асосий мақсади ҳисобланади.  

Тингловчиларнинг ҳуқуқ соҳасидаги фундаментал билим ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган интенсив дастурларни амалга ошириш, бўлимининг иш режаларини тузиш ва уларнинг ижросини таъминлаш, курслар бўйича тингловчилар контингентини шакллантириш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари режаларини тасдиқлатиш ишларини ташкил этиш ва тингловчиларнинг белгиланган муддатларда курсларда иштирок этишини таъминлаш бўлимнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Бундан ташқари, Марказда ўқув машғулотларини олиб боришга етакчи мутахассисларни кенг жалб қилиш чораларини кўриш, улар билан тузиладиган шартномалар ва бошқа тегишли ҳужжатларни расмийлаштирилиш, ўқув режа ҳамда дастурларнинг бажарилишини таъминлаш ишларини амалга ошириш вазифалари ҳам бўлим томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, бўлим ўқув машғулотлари, педагогик амалиёт ва кўчма машғулотларни жадвалга асосан ўз вақтида сифатли ташкил этади, тингловчиларнинг битирув, малака ишларини ҳимоя қилиш жараёнларида комиссия аъзолари фаолиятига кўмаклашади.

Тингловчиларнинг қизиқишларини эътиборга олган ҳолда турли мавзулар, йўналишлар ва ихтисосликлар бўйича курслар ташкил қилиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш йўналишида илмий лойиҳаларда иштирок этиш, шонли саналарга бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, шунингдек Марказ фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳам бўлимнинг асосий вазифалари сифатида белгиланган.