Ўқув жараёнини методик таъминлаш бўлими

Ўқув жараёнини методик таъминлаш бўлими

Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказининг Ўқув жараёнини методик таъминлаш бўлими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 июндаги “Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 453-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Бўлим Марказнинг таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, ўқув жараёнини методик таъминлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради.

Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича ҳамда олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлашда, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берувчи педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув жараёнида ўқитишнинг замонавий технологиялари ва илғор тажрибалари асосида ишлаб чиқилган ўқув-услубий ва методик материаллар билан таъминлаш бўлимнинг асосий мақсади ҳисобланади. 

Марказнинг барча йўналишлари бўйича ўқув режа, ўқув дастурлари ҳамда ўқув-услубий мажмуаларини тайёрлаш ва тасдиқлаш ишларини ташкил этиш, уларнинг мунтазам янгилаб борилишини таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимида таълим дастурларини ишлаб чиқиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш, умумлаштириш ва уларни таълим жараёнига жорий қилиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш бўлимнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Бундан ташқари, бўлим тингловчиларнинг ҳуқуқ соҳасидаги фундаментал билим ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган интенсив ўқитиш дастурларини амалга ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг шахсий иш режаларидаги ўқув, илмий-услубий, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий ва ташкилий-услубий ишларини кўриб чиқиш, тажрибали ўқитувчилар фаолиятини ўрганиш, умумлаштириш, илғор тажрибаларини оммалаштиришга қаратилган ишларни ташкил этиш фаолияти билан ҳам шуғулланади.

 Шунингдек, бўлимга қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим йўналишларининг дастурлари бўйича тестлар ва ҳар бир таълим йўналиши бўйича тингловчиларнинг битирув, малака иши мавзулари базасини яратиш, ахборот тизимлари ва электрон кутубхоналардан тингловчиларнинг фойдаланишини ташкиллаштириш ҳамда Марказ фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш вазифалари ҳам юкланган.